Цитология ва гистология нима?

Цитология

Цитология (цитос... ва ...логос) — ҳужайра ҳақидаги фан. Ҳужайраларнинг тузилиши ва функциясини, кўп ҳужайрали, шунингдек, бир ҳужайрали организмлардаги аъзо ва тўқималарнинг ўзаро боғланиши ва муносабатларини ўрганади. Барча тирик мавжудотларнинг энг муҳим таркибий кисми бўлган ҳужайрани ўрганиш билан С. биология фанлари орасида марказий ўринни эгаллайди; у ўсимликлар гистологияси, анатомияси, физиология, генетика, биокимё, микробиология ва бошқа фанлар билан узвий боғланган. Организмнинг ҳужайра тузилишини ўрганиш 17-асрдан олимлар Р.Гук, М.Малпиги, А.Левенгук (1632— 1723) томонидан бошланган эди.

Цитологиянинг тарақкиёти ҳужайра тадқиқоти усулларининг ривожи билан боғлиқ. 19-асрга келиб бутун органик дунё учун ягона ҳужайра назарияси яратилди (Т.Шванн, 1838). Ҳужайра назариясининг яратилиши ҳужайрани барча тирик организмларнинг асоси сифатида ўрганиш учун туртки бўдди. 19-аср ўрталаридан ҳужайралар структурасини фиксация қилиш, яъни кимёвий моддалар ва физик омиллар таъсир эттириш йўли билан шу структурани сақлаш ва тўқималарни бўяшнинг ҳар хил усуллари қўлланила бошлади. С.нинг кейинги ривожланишига немис патологи Р.Вирховшшт "селлюляр патология" ҳақидаги таълимоти сабаб бўлди (1858), Вирхов ҳайвон организми ҳужайралар мажмуидан иборат, шулардан ҳар бири ҳаётнинг барча хоссаларига эга ва ҳар бир хужайра факат ҳужайрадан ривожланади деган фикрни олға сурди. 19-асрнинг охирида протоплазманинг доимий таркибий қисмлари (органоидлари); центросомалар, митохондриялар, тўрсимон аппарат ёки Голжи комплекси, шунингдек, ҳужайра ядросидаги нуклеин кислота аниқланди. Ҳужайранинг кариокинетик бўлинишини (қаранг Митоз) аввал ўсимликларда, кейин ҳайвонларда кашф қилинди. Хромосоманинг индивидуаллик назарияси ва сони турғунлиги қоидаси яратилди. Жинсий ҳужайралар ривожланишида хромосомалар сони редукцияси жараёни кашф қилинди. Рус ситологи С.Г.Навашин (1898) ёпиқ уруғли ўсимликларда қўш уруғланиш ҳодисасини аниқлади.

Ҳужайра физиологиясини тадқиқ қилишда ҳам катта ишлар қилинди. И.И.Мечников фагоцитоз жараёнини топди. Ўсимлик ва ҳайвон ҳужайраларининг танлаб ўтказувчанлик хусусияти кашф қилинди. Мембрананинг ўтказувчанлик назарияси пайдо бўлди. Ҳужайрани тириклайин бўяш усуллари ишлаб чиқилди.

Гистология

Гистология (грекча: ἱστός [гисто] ва λόγος [логия]) — одам ва ҳайвонлар организмининг тўқималари ҳақидаги фан. "Гистология" терминини биринчи бўлиб немис олими К. Маер таклиф этган. Гистология тўқима ва аъзоларнинг эволюцияси, ривожланиши (гистогенез), микроскопик ва ўта нозик тузилиши, кимёвий таркиби, вазифаси (гистофизиология), шунингдек, уларнинг тузилиши билан фаолияти ўртасидаги боғланишни ўрганади.

Гистология одам ва ҳайвонлар анатомияси, физиология, патологик анатомия, патологик физиология, биокимё, эмбриология ва бир қанча клиник фанлар билан чамбарчас боғланган. Гистологиянинг асосий бўлимлари: ҳужайралар ҳақидаги фан — цитология; тўқималар ҳақидаги фан — умумий Гистология; аъзоларнинг микроскопик тузилиши ҳақидаги фан — хусусий Гистология Замонавий Гистология мақсадлари ва текшириш усулларига қараб бир неча тармоққа бўлинади: ҳужайра, тўқима ва аъзолар ҳамда улардаги айрим структуралар (мас, коллаген, эластик толалар), ҳужайра органоидлари (митохондриялар, эндоплазматик тўр, Голжи комплекси, лизосомалар ва ҳ.к.)нинг функцияси ҳақидаги таълимот — гистофизиология, ҳужайра ва тўқималар ривожланишининг турли босқичларида ҳамда ҳаёт фаолияти даврида рўй берадиган биокимёвий жараёнларни ўрганадиган ситокимё вагистокимё, ҳужайра ва тўқималарнинг энг нозик (субмикроскопик) тузилиши ҳақидаги таълимот — электрон микроскопия шулар жумласидандир. Бундан ташқари, нормал тўқима ва аъзоларнинг микроскопик тузилишини ўрганадиган тасвирий Гистология, тажриба (эксперимент) вақтида ҳайвон тўқималарида рўй берадиган морфологик ўзгаришларни текширадиган экспериментал Гистология, патологик ҳолатдаги тўқима ва аъзоларнинг морфологик ўзгаришларини ўрганадиган патогистология ҳам бор. Гистология фанининг шаклланиши микроскоп такомили билан узвий боғланган. Биринчи энг оддий микроскопни голланд олими Гене Янсен ва ўғли Заҳариас 1591-йил кашф этган.

17—18-асрларда Гистологияга оид маълумотлар қисман анатомияга, қисман физиологияга айрим боб бўлиб кирди. Гистология 19-асрдагина мустақил фан бўлиб майдонга келди. 19-асрнинг 30-йилларида немис биологи Т. Шванн Гистология фанида эришилган ютуқлар ҳамда ўзи ясаган ахроматик микроскопдан фойдаланиб, ҳайвон ва ўсимликлар ҳужайралардан тузилган ва ҳужайралардан ривожланади, деган назария (ҳужайра назарияси)ни асослади. Шундан кейин Гистология тез ривожлана бошлади. Тўқималарни организмдан ташқарида ундириш, айрим тўқималарда жаррохлик операциялари ўтказиш усулларини жорий қилиш туфайли Гистологиянинг тадқиқот кўлами бойиди. Ситофотометрия, радиоавтография, ултрабинафша нурлар билан ўтказиладиган микроскопия, интерференсион микроскопия, дифференсиал центрифугалаш, электрон микроскопик гистокимё ва б. замонавий усулларнинг қўлланилиши текширилаётган бирикмаларнинг жойлашувинигина эмас, балки уларнинг миқдорини организмнинг нормал ҳаёт фаолияти жараёнида ва патологик жараёнларнинг тараққий этишини ўрганишга имкон берди. Гистология юксак назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган фанлар қаторига киради. Сўнгги вақтда электрон микроскоп ёрдамида тўқима, ҳужайраларнинг ўта нозик тузилишини ўрганиш усули кенг ривож топди. Тошкент давлат тиббиёт институти (1-ТошТИ) олимлари (Ўзбекистан Фанлар академияси нинг академик КЛ.Зуфаров, профессорлар В.М. Гонтмахер, А.Й. Йўлдошев ва б.) самарали илмий изланишлар олиб бориб, 1987-йилда муҳим илмий кашфиёт қилдилар. Улар дунёда биринчи марта гўдак болаларда ичак орқали сўрилган экзоген оқсил моддалар буйракда парчаланишини ва қайта сўрилишини исботлаб, педиатрия, диетология, нефрология, фанларининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшдилар.

Гистология тиббиёт, чорвачилик ва ветеринариянинг долзарб муаммолари билан узвий боғланган ҳолда ривожланмоқда.